Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан Ўзбекистондаги моддий маданий мерос объектлари хатловдан ўтказилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Бу борада 720 дан ортиқ маданий мерос объекти рўйхатга олинган Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли ўрганиш ва хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Партия марказий кенгаши раиси ўринбосари Ф. Муҳамеджонова бошчилигидаги гуруҳнинг навбатдаги ўрганиш ва хатловдан ўтказиш манзили Паркент туманининг Номданак қишлоғи бўлди. Партия ишчи гуруҳи томонидан қишлоқ ҳудудида жойлашган «Саид Жаъфар Ас-Содиқ Ғозий ибн Ҳусайн» зиёратгоҳи ҳамда «Чорлоқ тепа» манзилгоҳи ўрганилди.
Маълумотларга кўра, «Саид Жаъфар Ас-Содиқ Ғозий ибн Ҳусайн» мажмуасида 2006—2007 йилларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, мақбара қайта тикланган. Аммо, унинг қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилиши натижасида юзага келган ҳолатни кўрган одам бунчалик яқин вақт ичида қайта тикланганига ишонмайди. Мақбаранинг пешлавҳаси дарз кетиб, 10 бўлакка бўлинган. Бурчак қисмидаги кичик бир бўлаги йўқ. Ён-атрофдаги манзара бу ерда яқин вақт оралиғида ободонлаштириш ишлари бўлмаганидан гувоҳлик беради.
Яна бир қизиқ жиҳати, мазкур муқаддас қадамжонинг кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлиб, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш давлат инспекцияси томонидан рўйхатга киритилмаган.
Маҳаллий аҳоли томонидан «Чорлоқ тепа», баъзи ҳолларда эса «Чаллак тепа», деб аталувчи археологик тепаликнинг баландлиги 45 метрлар чамаси бўлиб, қадимда мудофаа мақсадларида фойдаланилган.
«VI-XII асрларга оид, деб ҳисобланувчи мазкур тепаликнинг бугунги ҳолатини ҳам қониқарли, деб бўлмайди, — дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. — Хусусан, тепалик узра сочилиб ётган турли сопол буюмлари парчалари, ёввойи ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари тепаликнинг бой археологик манзилгоҳ эканидан далолат беради. Афсусланарли жиҳати шундаки, ушбу тепаликда тадқиқот ишлари олиб борилмаган. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш бошқа тепаликлардаги каби ён-атрофга чиқинди ташлаш ҳолати кўзга ташланади. Тепалик билан боғлиқ оғриқли масалалардан яна бири маҳаллий аҳоли томонидан тепалик тупроғининг турли мақсадларда олиб кетилаётганидир».
Изоҳ (0)