Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 3-чорагида бюджет ташкилотларида ўтказилган назорат тадбирлари натижалари тўғрисида маълумотни эълон қилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади «Халқ сўзи».
Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 3-чорагида Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида бюджет ташкилотларида жами 1 334 та давлат молиявий назорати тадбири ўтказилган.
Ўтказилган назорат тадбирларидан 1 111 тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 16,6 миллиард сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 4,5 миллиард сўмни, ноқонуний харажатлар 12,1 миллиард сўмни ташкил этди.
Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 11,2 миллиард сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 710 та назорат тадбири ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 20 нафар раҳбар ва мансабдор шахси 13,9 миллион сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.
Изоҳ (0)