Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти интернетда янги «Tergov.uz» ботини ишга туширди. Бу ҳақда департамент «Дарё»га маълум қилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг «Tergovdepartamenti.uz» расмий веб-сайти ишга туширилган эди.
Ушбу сайтда Тергов департаментида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқий ахборотлар, содир этилган жиноятлар ҳамда уларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида маълумотлар бериб келинаётган эди.
Ҳозирда ушбу сайтни такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахслар билан Тергов департаменти раҳбарияти ўртасида мулоқотни янада кучайтириш ҳамда сайтга киришни осонлаштириш мақсадида мазкур веб-сайтнинг номи «Tergov.uz» деб қисқартирилиб, унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги Facebook.com/tergov.uz ва Telegram ижтимоий тармоғидаги @tergov_bot номли расмий саҳифалари очилди.
Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг Facebook ва Telegram’даги шахсий саҳифалари орқали тергов идоралари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларини юбориши, шунингдек, ўзларининг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тўғридан- тўғри Тергов департаменти раҳбариятига мурожаат қилиши, ушбу мурожаатларига илова сифатида ишга алоқадор бўлган фото, аудио ва видео файлларини юклаши мумкин.
Ушбу ижтимоий тармоқлардан юборилган ҳар бир хабар ва мурожаатлар Тергов департаменти раҳбариятининг эътиборидан четда қолдирилмай, кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)