Олдинроқ «Дарё» эълон қилинган материалда «Нуроний» жамғармаси раиси ўринбосари «Ўзбекэнерго» раҳбариятига мурожаат этиб, тизимни ўғрилардан тозалашга чақиргани хабар қилинган эди. Ўз чиқишида Шароф Убайдуллаев, жумладан, Тошкентда 1300 та трансформаторни сотиб юборилганини айтганди.
Шу муносабат билан «Ўзбекэнерго» матбуот хизмати «трансформатор иши» юзасидан «Дарё»га баёнот берди. Қуйида баёнот матнини тўлиқ келтирамиз.
3 октябрь куни бўлган халқаро пресс-клуб сессиясида «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари, фахрий журналист Шароф Убайдуллаев электр энергияси ва газ таъминотидаги муаммо ва камчиликларни танқид остига олгани тўғрисидаги хабар интернет сайтларида эълон қилинди.
Хусусан, устоз журналист Тошкент шаҳрида 1300 та трансформатор сотиб юборилганини ва бунинг устидан ҳеч ким назорат қилмагани иддао этди. Аммо бу воқеа қачон бўлгани ҳақида ҳеч нарса демади.Ушбу гаплар қанчалик тўғри? Ҳақиқатан ҳам юқорида айтилганидек шунча трансформатор изсиз кетдими?
Аслида шунга ўхшаш воқеа «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси»да 2009 йилда бўлиб ўтган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур корхонада олиб борилган текшириш натижасида жами 541 та трансформатор ортиқча чиққани аниқланган ҳамда мутасаддидларга ЖКнинг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, шартли равишда жазо тайинланган, сўнг улар аминистия туфайли озодликка чиқарилган. Айтиш лозимки, Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан 1300 трансформатор сотилгани билан боғлиқ воқеа бўлмаган.
Сир эмас, бугун мамлакатимиздаги ечимини кутаётган муаммолардан бири бу электр таъминотидир. Аҳолининг турли юқори ташкилотларга йўллаётган мурожаатларининг ҳам аксарият қисмини электр таъминотидаги узилишлар ташкил этади. Кейинги икки йилда жойларда бу муаммо бироз бўлса-да, ҳал этилгандек. Кўпгина ҳудудларда олдингидек муттасил узилишлар кузатилмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, «Ўзбекэнерго» АЖнинг бугунги раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳот ҳамда меҳнат самарасидир.
Изоҳ (0)