Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 20 сентябрдан 20 октябргача ўтказилаётган «Соғлом аёл ойлиги» доирасида Андижон вилоятида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, «Саломатлик мактаби» аъзолари ҳамкорлигида ҳудудларда туғруқ ёшидаги аёллар қайта хатловдан ўтказилиб, аниқ режа асосида тиббий кўрикка жалб этилмоқда. Айниқса, ҳомиладор аёллар саломатлиги алоҳида назоратга олиниб, уларга зарур тавсия, маслаҳат ва амалий ёрдам берилмоқда.
«Ойлик давомида вилоятда 700 мингдан зиёд фертил ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланган, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Гулнаҳор Абдуллаева. — Умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида ҳам тиббий кўрик, соғломлаштириш акциялари ташкил этилмоқда».
Тиббий кўриклар самарадорлигини таъминлаш мақсадида Андижон давлат тиббиёт институти олимлари, институт клиникаси, вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари ҳам кўрикка жалб этилмоқда.
Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, эрта туғруқлар, турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, бехатар оналикни таъминлаш, ўсмир қизлар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича мулоқот ва суҳбатлар ўтказилмоқда.
Тиббий кўриклар давомида хасталиги аниқланган хотин-қизлар амбулатор ва стационар шароитда даволашга жалб этилмоқда. Ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни вилоят ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)