Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган 31-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимидан ноҳақ ишдан бўшатилган Нурия Семмари лавозимига тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
2018 йилнинг август ойи сўнгида Халқ таълими вазирлигининг «Устоз овози» виртуал инспектор тизимининг Telegram ботига ушбу мактаб битирувчилари, ҳозирда Россияда ва Жанубий Кореяда истиқомат қилувчи Гусейн Наджафов ва Оксана Ким мурожаат қилди.
Улар ўз мурожаатларида тажрибали, ўз ишининг устаси ва маҳоратли педагог, 31-сонли умумтаълим мактаби директори Нурия Семмари эгаллаб турган лавозимидан ноҳақ ишдан олингани ва Халқ таълими вазирлигидан ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқишни сўраган.
Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари ушбу мурожаатларни ўрганиб чиқди ва Нурия Семмари 31-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимидан ноҳақ бўшатилгани аниқланди.
Шундан сўнг Нурия Семмари директорлик фаолияти давомида самарали ишлагани ва юқори натижаларга эришганини инобатга олган ҳолда вазифасига қайтарилди.
Изоҳ (0)