Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида шу кунларда мамлакатда ташрифда бўлиб турган Жаҳон банки экспертлари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Маълумки, халқаро экспертлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан солиқ ислоҳотлари концепциясининг самарали ижросини таъминлаш ва техник жиҳатдан кўмаклашишга жалб қилинган.
Учрашувда солиқ концепциясига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан мамлакатда янги солиқ тартиби жорий этилаётгани туфайли солиқ тўловчиларда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчилик ва зиддиятларни олдини олиш, кичик бизнес субъектлари учун соддалаштирилган қўшимча қиймат солиғини татбиқ қилиш, солиқ тўловчилар билан муносабатларни такомиллаштиришда мақбул механизмлар асосида зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимининг техник, дастурий ва ахборот таъминотини оқилона йўлга қўйиш ва шу орқали солиқ тўловчилар учун қулайликлар яратиш, электрон ҳисоб-фактураларнинг самарали тизимини жорий этиш, «call-марказ» махсус сервисида аҳолига ахборот хизматлари тўлиқ кўрсатилишига эришиш борасидаги чора-тадбирларда амалий ёрдам кўрсатишга оид жиҳатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари ва Жаҳон банки экспертлари махсус сексияларга бўлинган ҳолда ҳар бир солиқ тартибида юзага келиши мумкин зиддиятли ҳолатлар ва уларни бартараф этиш чораларини батафсил таҳлил қилди.
Ўзаро мулоқот жараёнида кўтарилган масалалар ечими юзасидан Молия вазирлигига тегишли таклиф ва тавсиялар киритиш ҳамда бу ўзгаришлар яқин истиқболда қабул қилиниши режалаштирилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ўз аксини топишига келишиб олинди.
Изоҳ (0)