Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси,«халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ўзбекистонликлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга катта эътибор қаратмоқда, деб ёзади ЎзА.
Мана шундай ҳамкорлик доирасида, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон вилояти Тўлабий тумани ҳокими Бауржан Бахит ули Умарбеков бошчилигидаги 70 кишидан иборат жамоатчилик делегацияси Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.
Делегация таркиби Тўлабий тумани халқ Маслаҳати аъзолари, оқсоқоллар, уруш ва меҳнат фахрийлари, тадбиркорлар, дин идоралари ҳамда Туркистон вилоятидаги Тўлабий фонди вакилларидан иборат бўлиб, улар «Ғишткўприк» чегара пунктида байрамона кутиб олинди.
Қозоғистонлик меҳмонлар дастлаб Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида жойлашган ўзбеклар учун ҳам, қозоқлар учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ бўлган Тўлабий мақбарасини зиёрат қилиб, унинг руҳи покига Қуръон тиловат қилди ҳамда мусулмонча урф-одатларларни адо этди.
Сўнгра, меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюриб, бу ерда ўтказилган дўстлик тадбирида иштирок этди.
Меҳмонлар Тўлабий хотирасига бағишлаб уюштирилган тушликдан сўнг, Ҳазрати Имом масжиди, Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Тошкентнинг бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Изоҳ (0)