Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган АҚШ Памела Спратленни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент меҳмонни самимий қутлар экан, АҚШ элчиси кўп қиррали ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон—АҚШ алоқаларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади.
Томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Парламентлараро алоқалар фаоллашди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда. Фан, таълим ва маданият соҳаларида, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ривожланмоқда.
АҚШ элчиси самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди. Америка Қўшма Штатлари икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани, унинг Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий экани қайд этилди.
Учрашув якунида мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун АҚШнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Изоҳ (0)