Халқаро миқёсда эътиборга молик бизнес тадбир — «VIII Марказий Осиё савдо форуми» Ўзбекистонда илк бор ўтказилади, деб ёзади ЎзА.
АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган ушбу тадбир жорий йил 17—18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Марказий Осиё савдо форуми дунё бўйича 70 миллиондан зиёд ҳамкор ва бизнес доира вакилларини ўз атрофига бирлаштиради. Мазкур йирик тадбирнинг Тошкентда ўтказилиши Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорлари билан дунё ҳамжамиятини таништириш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.
Форумда иштирок этиш истагида бўлган қатнашчилар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. 2017 йили Қозоғистонда ўтган форумда 18 мамлакатдан 1 минг 100 нафардан зиёд вакил қатнашган эди.
Бу йилги форум «Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар» мавзусида ташкил қилинади ва Марказий Осиёнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб борилаётгани, бизнес имкониятларига бағишланади.
Анжуман доирасида савдо кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади. Унда минтақанинг турли тармоқлар, жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари иштирок этади.
Халқаро анжуман Марказий Осиё мамлакатларида рақобатбардошликни ошириш, савдо фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳадир. Бу минтақанинг бешта мамлакатида мева-сабзавотчилик, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, экспортни ҳар томонлама ривожлантиришни кўзда тутади.
Изоҳ (0)