Филология фанлари бўйича фалсафа доктори, таниқли журналист Беруний Алимовнинг «Ҳуррият» газетасида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги имижини шакллантиришга оид мақоласи эълон қилинди. Мақола мазмунини ЎзА келтирди.
Унда қайд этилишича, хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳозир ўзбекистонлик экспертлар томонидан тайёрланган оригинал чиқишлар, улардан иқтибос келтирилган бошқа ахборотлар ҳажми нисбатан кам. Афсуски, халқаро мавзуга ихтисослашган сиёсий шарҳловчиларимизнинг (одатда кечикиб эълон қилинадиган) фикрлари бошқа давлатлар жамоатчилигига тўла етиб бормайди.
Фақат ички медиа макон қобиғи доирасида қолиб кетаётган шарҳловчиларнинг суст ҳаракатлари сабаб Ўзбекистон имижини шакллантириш ишлари асосан давлат органлари — вазирлик ва идоралар, айрим ахборот агентликлари ва нашрлар зиммасида қолиб кетаётир.
Хорижий мамлакатлардаги элчихоналар билан доимий ҳамкорлик қилувчи маҳаллий профессионал социологлар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, журналистлар иштирокида экспертлар ҳамжамиятини тузиш ҳам синовдан ўтган тажриба, дейди муаллиф.
Ўзбекистонда ёки ташқарида фаолият олиб бораётган экспертлар гуруҳлари академик доиралардан узилиб қолгани сезилади. Шу сабабдан, оммавий ахборот воситаларида республикамиз ҳаётига доир эълон қилинаётган чиқишларда илмий асослар саёзлиги кўринади.
Нуфузли халқаро нашрларда республика имижи билан боғлиқ салмоқли илмий мақолаларнинг камлиги ачинарли ҳол. Бу борада хорижда босилган фундаментал асарлар деярли учрамаслигини ҳам афсус билан таъкидлаш даркор.
Мустақил экспертлар ва тадқиқот марказларининг фаолиятига баҳо беришда, авваламбор, улар томонидан хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолаларнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратиш тўғри бўларди.
Изоҳ (0)