Қашқадарё вилоятида «Ташаббус — 2018» кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.Кўрик-танловнинг Қарши шаҳар босқичида анъанага кўра, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик юртишнинг бошқа соҳаларида юқори натижаларга эришган ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган 30 дан ортиқ тадбиркор, 20 га яқин ҳунарманд иштирок этди, деб ёзади ЎзА.
Қатнашчиларнинг фаолиятини баҳолашда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам инобатга олинди.
Танловда тадбиркорларнинг кейинги уч йиллик фаолияти, ишлаб чиқаришга замонавий техника ва технологиялар жалб қилгани, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани, қанча иш ўрни яратганига алоҳида эътибор қаратилди.
«Шаҳримизда 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 200 га яқин ҳунарманд фаолият юритмоқда, — дейди Қарши шаҳар тадбиркорликка кўмаклашиш маркази бошлиғи Болта Ниёзов. — Бугунги танловга улар орасидан саноат, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик соҳасида юқори натижаларни қўлга киритганлар жалб қилинган. Бу йилги кўрик-танловнинг аввалгиларидан фарқи энг ёш тадбиркор, саноатда фаоллик кўрсатган тадбиркор каби номинациялар қўшилган. Танловда иштирок этаётган тадбиркорларнинг 90 фоизи ёшлардир».
Якуний натижаларга кўра, Қарши шаҳридаги пиллани қайта ишлашга ихтисослашган Radiant Silk қўшма корхонаси раҳбари Фарҳод Валиев «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», полиграфия хизматлари кўрсатиб келаётган Photo Express МЧЖ раҳбари Ғолиб Пирназаров «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Танҳо дизайн» хусусий корхонаси раҳбари Жамшид Жалилов «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», қўй жунидан телпак тикувчи тадбиркор Анвар Зоҳидов «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.
«Энг яхши тадбиркор аёл», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор», «Энг яхши экспортчи» каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам фаол иштирокчилар тақдирланди.
Изоҳ (0)