20 сентябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Германия ТИВ давлат вазири Нильс Анненни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда икки томон кун тартибидаги муҳим масалалар, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида таъкидланганидек, 2019 йилга режалаштирилган олий даражадаги ташрифлар алмашинуви Ўзбекистон—Германия мулоқотида янги саҳифа очиши кутилмоқда. У икки томон алоқаларига тизимли ва серқирра тус бериши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштиши, Ўзбекистонга илғор немис технологияларини жалб қилиш учун керакли шароитларни яратишига имкон яратади.
Учрашувда икки давлат ҳукуматлари, идоралари, парламентлари ўртасидаги бўлажак алоқалар, бошқа қўшма тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Шу ўринда таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида 19 сентябрь куни бўлиб ўтган «Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббуслари ва Марказий Осиёда ҳавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда Германия ўрни» мавзусидаги давра суҳбатида ташқи ишлар давлат вазири бошчилигидаги Германия нуфузли делегациясининг иштирок этиши кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан икки давлат ҳам манфаатдорлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Музокараларда жорий йилнинг ноябрь ойига белгиланган Ўзбекистон ва Германия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги сиёсий маслаҳатлашувларга тайёргарлик жараёни ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)