Фарғона вилоятида ҳам ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда ҳудудий гуруҳ ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.
Мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ҳудудий гуруҳ жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларни амалий ҳал этиш, тадбиркорлик субъектларининг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқди.
«Ҳудудий гуруҳга келиб тушган 42 мурожаатдан 22 таси ижобий ечим топди, — дейди ишчи гуруҳ аъзоси, вилоят божхона бошқармаси бўлим инспектори Азизбек Абдуҳолиқов. — Қолган мурожаатлар республика миқёсида кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши учун тегишли вазирлик ва идораларга киритилди».
Гуруҳ томонидан «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастурига асосан кредит маблағи берилиши кечиктирилаётган олти нафар ёш тадбиркорга 1 миллиард 258 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди. Шунингдек, 12 нафар тадбиркорнинг табиий газ, электр тармоғи ва сувоқова тизимларига уланишига амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаати ўрганиб чиқилиб, жойида ҳал этилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Беларусь Республикасининг «Концерн Брестмясомолпром» компанияси билан вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди. Шунингдек, жойларда тадбиркорлар иштирокида мулоқотлар ташкил этилмоқда. Салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказиш тадбирлари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятда 6 минг 250 та фойдаланилмаётган бўш бино ва иншоот аниқланиб, уларнинг 223 таси электрон савдога чиқариш учун махсус дастурга киритилди.
Изоҳ (0)