Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Имомқозихон қишлоғида яшовчи Б. исмли йигит ҳамқишлоғи Н. исмли қиз билан бир-бирига кўнгил қўйган эди. Бундан хабар топган қизнинг ота-онаси қизини шу йигитга беришга рўйхушлик бермайди. Ғазабланган йигит қиз билан учрашиб, унга бор заҳрини соча бошлайди. Ўзаро жанжал йигитнинг қиз кўксига пичоқ уриши билан якун топди, деб ёзади ЎзА.
«Ушбу жиноят ишига оид суд жараёнида судланувчи ушбу қотилликни амалга ошириш учун зимдан тайёргарлик кўргани маълум бўлди, — дейди Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди судьяси Завқий Қурбонов. — Қиз билан учрашиш учун йўлга чиқар экан у ўзи билан пичоқ олади. Қизнинг ота-онаси уни бошқа кишига турмушга беришини ўйлаган йигитнинг кўзи қонга тўлганди. Йўл-йўлакай йигит қизнинг отасига қўнғироқ қилиб, шу куни бир воқеа содир бўлишини, унинг тафсилотлари ҳақида кечқурун хабар топишини билдиради. Бу ҳаракати билан у режалаштирган жиноятига ишора қилган».
Қиз деярли тўрт йил севишган йигитининг олдига келар экан, уни еру кўкка ишонмаган одамдан асло шубҳа қилмаган. Бироқ йигит учрашувга келган қизнинг чап қўлининг елка қисмига жами етти маротаба ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказган. Воқеа жойига қизнинг отаси томонидан юборилган тоғаси ва амакиси етиб келган.
Йигит қасддан одам ўлдириш жиноятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмай, ҳодиса жойидан яширинади.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг ҳукмига кўра, судланувчи Б. Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)