Ўтган ҳафтадан бошлаб пойтахт метроси йўловчилари йўлнинг маълум бир қисмида, аниқроқ айтганда, Чилонзор линиясининг «Халқлар дўстлиги» ва «Пахтакор» станциялари ўртасида поезд жуда секин юра бошлаши, ҳатто туннел ўртасида бутунлай тўхтаб ҳам қолишини пайқади. Тошкент аҳолиси ва меҳмонларини тинчлантириш учун «Даракчи плюс» газетаси редакцияси «Тошкентметрополитени» ДУК ҳаракатланиш хизмати раҳбари Султон Қодиров билан боғланди.
Унинг сўзларига қараганда, «Пахтакор»—«Халқлар дўстлиги» перегонида ҳақиқатан ҳам айни дамда тезликнинг пасайиши кузатилмоқда. У ерда йўлларнинг юқори тузилишини реабилитация, соддароқ айтганда, соғломлаштириш кетмоқда, шу муносабат билан эски шпаллар ва рельслар янгиларига алмаштирилмоқда. Нормaтив ҳужжатларга кўра, бундай алмаштиришдан сўнг йўлни текислаш лозим.
«Айнан шу туфайли тезликни чекламоқдамиз, бу тахминан беш кундан ўн кунгача, тегишли меъёрларга эришгунимизга қадар давом этади. Нима бўлганда ҳам, йўловчиларнинг ташвишланиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас», — дея таъкидлади нашр суҳбатдоши.
Изоҳ (0)