Хориж ва маҳаллий электрон нашрларда «Тошкентда икки ой мобайнида 6 нафар автоҳаваскор йўқолди» сарлавҳаси остида материаллар эълон қилинди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: ИИББ матбуот хизмати

Мазкур материалларда кўрсатиб ўтилган барча шахсларнинг турар жойи аниқланган. Улар ҳозирда уйларида, яқинлари даврасида. Бундан фақат такси ҳайдовчиси Дилмурод V. истисно: у жиноий жавобгарликка тортилган.

Жумладан, Mercedes-Benz машинасида 2 сентябрда уйдан чиқиб кетган ва оиласи томонидан 9-сентябрда қидирувга берилган Боситхўжа Б. эртаси куни Сергели туманидан топилди. Ўз қилмишини у уйдагилар билан келишмовчилик сифатида изоҳлади.

Уйдан 1 августдан чиқиб кетган ва 6 сентябрда қидирувга берилган Matiz ҳайдовчиси Иброҳим У. эса 3 кундан сўнг Оҳангарондан топилди. 36 ёшли эркакнинг айтишича, танишларидан қарздор бўлиб қолган ва машинани маст ҳолда бошқаргани учун белгиланган жаримани тўлаши керак бўлган.

Nexia хизмат автомобилида 9 августда чиқиб кетиб, на уйдагилари, на иш берувчилари билан боғланган Дадахон Н. Бухорода, «шахсий юмушлари» билан юргани аниқланди. У 18 августда Тошкентга қайтди.