Навоий вилояти Кармана туманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди ва Бош прокуратура масъуллари иштирокида Навоий шаҳри, Кармана, Қизилтепа ва Навбаҳор туманлари аҳолиси билан очиқ мулоқот ҳамда сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Очиқ мулоқот ва сайёр қабулда фуқароларнинг таклиф-мулоҳазалари, уларни кўпдан бери қийнаб келаётган муаммолар, ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳамда суд органлари томонидан чиқарилган қарор ва ҳукмлардан норозилиги ҳолатлари ўрганилди. Мавжуд тўртта суд масъуллари ҳар бир мурожаатни тинглаб, уларга қонуний жавоб ва ҳуқуқий маслаҳат берди.
Хусусан, Навбаҳор тумани «Юқори Бешработ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадаминжон Бердирасулов ва унинг отаси Туйғун Маҳмудов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ташаккурнома билдирилди. Гап шундаки, жорий йил 19 май куни Мадаминжон ўз бошқарувидаги Тико русумли автомашинасида эҳтиётсизлик оқибатида йўл бўйлаб велосипедда ҳаракатланаётган фуқарони уриб юборади. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси енгил тан жароҳати олади. Ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилади. Туман суди томонидан маҳаллада сайёр суд ўтказилиб, жабрланувчи ва айбланувчининг ўзаро ярашувига эришилгач, иш ҳаракатдан тўхтатилади. Бу билан бир инсоннинг эҳтиётсизлик туфайли жиноятчига айланиб қолиши, фарзандлари келажаги ва тақдирига путур етишининг олди олинди.
Аҳоли билан учрашувлар куннинг иккинчи ярмида Хатирчи туманида давом этди. Унда фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, аксариятига ҳуқуқий ечим топилди.
Сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Изоҳ (0)