Фарғона вилоятида Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида имзоланган бир қатор ҳужжатларга биноан солиқ қарздорликларини суд тартибида ундириш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилоят Давлат солиқ бошқармасининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, 26—30 август кунлари Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Данғара туманида ўзаро ҳамкорликда хатлов тадбирлари ўтказилди. Унга кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан жами 2294,3 милион сўм қарздорлиги бўлган 8 та тадбиркорлик субъектининг мол-мулки хатловга олиниб, 53,7 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилди. Масалан, Қўқон шаҳар иқтисодий судининг қарорига асосан, Қўқон шаҳридаги «Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш» ДУКнинг 1207,0 миллион сўмлик қарзи эвазига корхонанинг 830,0 миллион сўм қийматдаги мол-мулки ҳамда 377,0 миллион сўмлик 7 турдаги транспорт воситаси хатловга олинди.
Шунингдек, Фарғона туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан, Фарғона шаҳар Б.Марғилоний кўчасида жойлашган Uzsalaman АЖ қўшма корхонасининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан жами 696,6 миллион сўмлик қарзи эвазига акциядорлик жамиятига қарашли бўлган Cobalt русумли автомашина ҳамда ГАЗ русумли автобус хатловга олинди.
Данғара туманида эса «Ишонч Оқтепа жилоси» МЧЖ солиқ тўловларидан бўлган 161,2 миллион сўмлик қарзи эвазига, суд қарорига асосан, МЧЖга тегишли бўлган 100 миллион сўмлик бино-иншооти хатловга олинди.
Изоҳ (0)