Бугун, 9 сентябрь куни Фарғонада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят ички ишлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Мустақиллик марафони» ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Марафон Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Марафонда икки ёш тоифасида (7 ёшдан 14 ёшгача, 14 ёшдан 30 ёшгача) 8 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Марафонда қатнашчилар Фарғона олимпия захиралари коллежи чорраҳасидан Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройигача бўлган масофани босиб ўтди.
Марафон ғолиблари ўғил болалар ва қиз болалар ўртасида аниқланиб, улардан 1, 2, 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва диплом билан тақдирланди.