Тошкентдаги Турин политехника университетида Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сенат раиси Н. Йўлдошев, Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У. Муҳаммадиев, Олмазор тумани ҳокими Б. Раҳмонов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда пойтахт ҳудудлари, шу жумладан, Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб масалалар барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари олдида турган асосий вазифалардан эканлиги айтилди.
Таъкидланганидек, кейинги уч йилда туманда жами 400 миллион долларлик инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Бу борада туман ҳокимиятида тадбиркорлар билан музокаралар ўтказилиб, жорий йилда жами 97 миллион доллар инвестиция жалб қилиш бўйича ташаббускорлар билан инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тумандаги 55 маҳаллада мулкчилик шаклидан қатъий назар, бўш турган объектлар, фаолияти тўхтаган корхоналар, тўлиқ фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонлари хатловдан ўтказилди. 447 ана шундай объект аниқланиб, улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди. Мажлисда аҳоли муаммоларини ўрганиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг ахбороти тингланди. Туман ҳокимининг айтишича, жорий йилнинг 3 июнидан 10 августигача тўрт сектор раҳбари ўз ҳудудида йиллар давомида ечимини кутаётган муаммоларни аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўрган. Ўрганишлар давомида туманда 1 минг 256 фуқаронинг муаммолари аниқланди. Уларнинг аксариятини уй-жой масаласи ташкил қилади.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Сенат Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)