Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, уни Мустақиллик куни билан табриклади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қадрли Шавкат Миромонович!
Тожикистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали бутун қардош Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами — Мустақиллик куни муносабати билан чин юракдан муборакбод этиш ва энг эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.
Сиз олиб бораётган узоқни кўзлаган сиёсат ҳамда мамлакат ҳаётининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларидаги муҳим янгиланишлар бугун ўз натижаларини бериб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини муттасил юксалтирмоқда.
Ўзбекистон билан минглаб дўстлик ришталари орқали боғланган Тожикистон яқин қўшни сифатида ушбу муваффақиятлардан хурсанд бўлмоқда.
Халқларимизни маданий-маънавий яқинлик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, тинчлик ва тотувликка асосланган кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик тажрибаси боғлаб туради.
Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон ташқи сиёсатининг ҳамиша асосий устувор йўналиши бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Биз Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг очиқ ва конструктив муҳитидан, шунингдек, ҳамкорлигимиз халқларимиз ва бутун минтақамиз манфаатлари йўлида изчил ривожланиб бораётганидан ғоят хурсандмиз.
Бунда, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз.
Яқинда гўзал мамлакатингизга давлат ташрифим давомида Сиз билан бўлиб ўтган самарали учрашувларимизни, тарихий ҳужжат – Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолаганимизни алоҳида илиқлик билан эслайман.
Ишончим комил, ушбу ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида қатор кенг миқёсли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувларимизнинг рўёбга чиқиши мамлакатларимизнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган самарали ҳамкорлигига янги ва кучли суръат бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, бундан буён ҳам Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик анъаналари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга барча кучларни йўналтиришга тайёр эканимни билдираман.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида мамлакатларимиз муносабатлари Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари фаровонлиги йўлида бундан-да мустаҳкамланишига ишонаман.
Ушбу қутлуғ байрам кунларида Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, мамлакат равнақи йўлидаги режаларингиз ва интилишларингиз рўёбида катта зафарлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
Изоҳ (0)