«Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» муносабати билан Марказий ҳарбий округ қўмондонлигида «Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Хусусан, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Жиззах гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида футбол мусобақаси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши вакиллари, вилоятдаги олий таълим муассасалари, коллеж ва академик лицей талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этиб, ўзаро беллашдилар.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи футбол мусобақаси якунида Жиззах вилояти ҳокими ғолибларга кубок ва медалларни топширди.
Бундан ташқари вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари томонидан ёшлар учун кўл жанги чиқишлари ҳамда замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиши ўтказилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 2-сонли болалар спорт мактаби ўқувчи-ёшлари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг хотирасига бағишлаб спорт мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа иштирокчиларига Марказий ҳарбий округ спортчилар взводи томониндан мастер-класс кўргазмаси ташкил этилди. Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ватанпарварлик руҳидаги концерт дастурлари ташкиллаштирилди.
Изоҳ (0)