Сурхондарё вилояти Узун туманида мустақилликнинг 27 йиллик байрами арафасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг биноси, «Узун Равнақ Файз» савдо мажмуаси ва туман деҳқон (озиқ-овқат) бозори фойдаланишга топширилди, деб ёзади ЎзА.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Узун тумани кенгашининг янги биносида тумандаги 45 фуқаролар йиғини фаолиятини мувофиқлаштириш учун барча имконият мавжуд. 700 миллион сўм маблағ сарфланган иншоотда кенг, шинам хоналар замонавий усулда жиҳозланиб, ишни самарали ташкил этиш учун зарур қулайлик яратилган.
Туманда барпо этилган «Узун Равнақ Файз» савдо мажмуаси кийим-кечак ва бошқа буюмлар савдо хизматини кўрсатишга ихтисослашган. Бу ерда сотувчи ва харидорлар учун замонавий қулайликлар яратилиб, 138 савдо шохобчаси бунёд этилди. Турли сифатли ва арзон буюмлар савдоси йўлга қўйилиб, 450 янги иш ўрни яратилди.
Туман деҳқон (озиқ-овқат) бозорида гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга мўлжалланган, хўжалик моллари сотиладиган кенг, ёруғ ва шинам махсус павильонлар қурилиб, 596 савдо растаси барпо этилди. Янги бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омбори, автомобиллар тўхташ жойи қурилиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Йирик ҳажмдаги бу ишларни бажариш учун 7,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 750 иш ўрни ташкил этилди.
Вилоятда янгидан барпо этилган, тубдан реконструкция қилинган иқтисодий-ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини фойдаланишга топшириш давом этмоқда.
Изоҳ (0)