Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида «Янгича тизим ташкил этилмоқда – Жиноят ҳақиқати ва адолати» мавзусидаги навбатдаги ёшлар пресс клуби бўлиб ўтди. Бу ҳақда иттифоқ Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилган.

Фото: Ёшлар иттифоқи

Пресс клубда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилган, жазо муддатини ўтаётган, ўз жонига қасд қилишга уринган ёшлар ҳамда «Ёшлар кафиллиги» асосида суд залидан озод қилиниб, енгил жазо тайинланган ва Президент фармони асосида афв этилган ёшлар билан якка тартибда ишлаш мақсадида янги механизм яратиш устида муҳокама олиб борилди.

Сессияда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, ИИВ HPББ бўлим бошлиғи Исломиддин Халиков каби спикерлар иштирок этишди.

Спикерлар жиноятчиликни олдини олиш, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни камайтириш, уларнинг онгига ҳуқуқий билим ва кўникмаларни сингдириш, шу орқали ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишни ўртага ташлади.

Жорий йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари таҳлили рақамлар билан очиб берилди. Cуицид содир этишга имконият яратган оилавий муҳит, жараён уларнинг яқинлари иштирокида психологик таҳлил этилди.

Фото: Ёшлар иттифоқи

«Aurum 898» тунги клубида бўлиб ўтган пичоқбозлик оқибатида ўзбекистонлик эркин курашчи Жамшид Кенжаевнинг вафоти тафсилотлари тўғрисида маҳалла испектори Руслан Бердиев ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси маълумот бериб ўтди:

– Бу тунги клубда бир йилнинг ичида 3 марта жиноят содир этилиши. Февраль, июнь ва ниҳоят, куни кеча 9 августга ўтар кечаси бўлиб ўтган мудҳиш воқеа. Буларнинг барчаси соат 12:00 дан ошганда ичкиликбозлик оқибатида содир этилган. Биз бу тунги клубни ёпиш ҳақида шаҳар ҳокимлигига махсус хат билан ҳам чиққанмиз. Лекин кўриб турибсизки, у ҳамон фаолият юритмоқда. Ва бир боланинг умрига ҳам зомин бўлиб улгурди.

Маҳалла испектори, Руслан Бердиев

Бундан 15 йил олдин, ‘Талваса’ романини ёзаётганимда, асарим учун тунги клубларга муҳитни ўргангани кирганман. Ўшанда у ерга инсонлар эмас, одам шаклидаги махлуқлар киришига гувоҳ бўлганман. Мен у жойни тунги клуб демасдим, ‘бузуқлик клуби’ деган бўлардим. Ўшанда кўп сирларга ҳам гувоҳ бўлганман. Тунги клубларга кирганлар билади, уни ўзига тортадиган оҳанрабоси бор. Бу нима биласизларми? Афюн. Улар афюн зарраларини ҳаво совуткичларининг (кондиционер) устига сепиб қўйишади. Кейин ҳавога қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларни ҳушини ўғирлайди. Тадбиркор ниқоби остида тунги клубларни очиб қўйиб, фалон сўм пул топаётган дўстларим, Президент сизларга яратиб бераётган имкониятларни суистеъмол қилманг. Ҳаром луқмани болангизга едирманг, деган бўлардим. Бизга бундай клубларни умуман кераги йўқ.

Тоҳир Малик, Ўзбекистон халқ ёзувчиси 

Пресс клубда ёшлар спикерларга ўзларини қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилди.

Тадбир сўнгида эркин мулоқот майдонида баҳсга киришган сессия тингловчилари ёшлар жиноятчилигини камайтириш ва олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди.