15—16 август кунлари АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги савдо ишлари бўйича вакили ёрдамчиси Марк Линскотт, Савдо сиёсати ва иқтисодиёт бўйича ёрдамчи Эдвард Грессер ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчи ўринбосари Зеба Реязуддин Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Улар Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан АҚШнинг савдога оид ягона имтиёзлар тизими дастуридан фойдаланишни давом эттириш учун қўйиладиган талаблар ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш жараёнини муҳокама қилади.
Музокаралар чоғида интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг роли ва халқаро андозаларга мувофиқ равишда мажбурий меҳнатни бартараф этиш масалалари кўрилиб, булар АҚШнинг савдога оид ягона имтиёзлар тизими дастурини давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
АҚШ Савдо вакили идораси Қўшма Штатларнинг савдога оид сиёсатини ривожлантириш ва бу борада АҚШ Президентига тавсиялар бериш, савдо масалалари бўйича икки ва кўп томонлама музокаралар олиб бориш ҳамда Америка ҳукуматининг савдо-сотиққа оид сиёсатини мувофиқлаштиришга масъул ҳукумат агентлиги ҳисобланади.
Изоҳ (0)