Ўзбекистонда нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолият юритиши учун барча шароит яратилмоқда. Натижада уларнинг сони йилдан йилга ортиб, фаолият кўрсатиш соҳалари ҳам кенгаймоқда. 1991 йилда мамлакатда 100 га яқин ННТ бўлган бўлса, ҳозирда 9 478 тани ташкил этмоқда, деб ёзади ЎзА.
Шунингдек, адлия органларида 16 та диний конфессияга мансуб 2 мингдан ортиқ диний ташкилот ва 235 та доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар таркибида 715 та судья фаолият юритмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳанинг турли йўналишларида, хусусан, тадбиркорлик, спортни ривожлантириш, экологияни асраш, имконияти чекланган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби турли соҳаларни қамраб олмоқда.
ННТларнинг ишчи ўринлари яратишдаги ўрнига эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 февраль ҳолатига 55 мингдан ортиқ ходим, шундан 21 мингдан зиёди жамоатчилик асосида ишламоқда.
Шунингдек, 20 миллиондан ортиқ фуқаро турли ННТлар аъзолари ҳисобланади. Мисол учун, Ўзбекистон ёшлар иттифоқида 10 миллиондан ортиқ бўлса, «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятида 3 миллиондан зиёд, Ўзбекистон agrosаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасида эса қарийб 2 миллион аъзо бор.
Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили ННТларнинг ҳисоб рақамларига 1 триллион 864 миллиард 358 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушган. Мазкур маблағлар жойларда ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишга сарфланмоқда.
Хусусан, 2 224 нафар ёлғиз, ногиронлиги мавжуд, кам таъминланган кексаларга 345,6 миллион сўмлик моддий ёрдам ва 117,1 миллион сўмлик дори-дармон харид қилинган. Фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ва унга тайёргарлик кўриш мавзусида қарийб 40 минг нафар фуқаро ўқитилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Навоий, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 48 эндокринолог хонаси жиҳозланган, 612 нафар умумий амалиёт шифокори ва 156 нафар мутахассис ўқитилди, хавфли гуруҳга кирувчи 954 мингдан ортиқ шахс бепул скрининг текширувдан ўтказилди.
Яна кўплаб, суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилди. Оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, маиший техникалар етказиб берилди.
Изоҳ (0)