Навоийда 100 мегаватт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун инвестицияларни жалб қилишга қаратилган синов лойиҳасининг йўл харитаси тасдиқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси 8 август, чоршанба куни қарор қабул қилди, деб ёзмоқда Spot.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» ва Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) давлат-хусусий шериклик асосида фотоэлектр станцияларни лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ҳамда фойдаланиш учун инвесторларни қидириш ва танлов асосида жалб этишга келишган.
Хусусан, IFC бу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилишга қарор қилган. Маълум қилинишича, 2019 йилнинг март ойида халқаро тендер эълон қилинади. Август ойида эса инвесторлар билан шартномалар имзоланади.
2019 йилнинг сентябрида IFC билан 900 мегаватт қувватга эга бўладиган объектларни қуриш бўйича шартноманинг талаб ва муддатлари бўйича музокаралар ўтказилади.
Аввалроқ, 2008—2014 йилларда Навоий вилоятида 15 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)