Чехия армияси қўмондонлиги Афғонистонда ўлдирилган уч ҳарбий хизматчисига қарши уюштирилган ҳужум ташкилотчиларини топиш ва уларни маҳаллий судда жавобгарликка тортишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 10 август, жума куни Чехия армияси бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Алеш Опата маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».
5 август, якшанба куни мамлакат мудофаа вазирлиги вакили шу куни эрталаб Баграм авиабазаси атрофида худкуш террорчи томонидан амалга оширилган портлаш оқибатида уч ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган. Маълум бўлишича, ҳалок бўлганлар (36 ёшли Мартин Марсин, 28 ёшли Камил Бенеш ва 25 ёшли Патрик Штепанек) НАТОнинг «Дадил ёрдам» миссиясининг чех бўлинмаси таркибида хизмат қилган. Миссия Афғонистоннинг ҳукумат қўшинларига «Толибон» ҳаракати жангариларига қарши курашишга ёрдам бериш учун тузилган. Кейинроқ «Толибон» жангарилари авиабаза яқинида содир этилган портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.
– Чех армияси ўзининг уч ҳарбий хизматчиси учун ўч олади, – дея Опата ҳукумат телевидениесига берган интервьюсида маълум қилган, – Иттифоқчи мамлакатлар армиясидаги ҳамкорларимиз ёрдамида биз ҳужум ташкилотчиларини аниқлаш ва уларни афғон судига топшириш ниятидамиз. Биз бу мамлакатдаги чех ҳарбийларини ўлдиришга йўл қўймаймиз.
Генералнинг сўзларига қараганда, 3 аскарнинг ўлимидан кейин ҳам чех армияси хизматчилари мамлакатни тарк этмаган. Ҳарбийлар бўлиб ўтган фожиага қарамасдан, мамлакатда қолиш ва октябрь ўрталарига қадар давом этадиган миссия доирасида ўзининг вазифаларини бажаришга қарор қилган.
Прага шаҳар маъмурияти ҳалок бўлган ҳарбийлар 28 октябрь – Чехословакия мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан «Қаҳрамонлик учун» медаллари билан тақдирланиши ҳақида маълум қилган.
9 август, жума куни Бирдамлик ҳарбий фонди бригада генерали Ленка Шмердова журналистларга чех фуқаролари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилалари учун бир ҳафта ичида 186 минг доллар тўплагани ҳақида хабар қилган.
Афғонистонда шу вақтга қадар 13 нафар чех ҳарбийлари ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)