Тошкентда пиёдани уриб юбориб воқеа жойидан қочган ҳайдовчи қидирилмоқда. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 7 август, сешанба куни соат 22:40 ларда ҳайдовчи автомашинани Бодомзор кўчасида жойлашган «Салтанат» кафеси қаршисида ҳайдаб кетаётиб, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёда М.А. исмли аёлни уриб юборган. Шунингдек, ҳайдовчи 2 та Spark билан тўқнашган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Жароҳат олган М.А. касалхонага ётқизилган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчини аниқлаш ва ҳибсга олиш чоралари кўрилган.
«Ҳурматли фуқаролар, кимда-ким ушбу автоҳалокатга гувоҳ бўлган бўлса, шунингдек, номаълум шахс ва унинг бошқарувидаги автомашина ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлса, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига ва «102» телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, хабар беришингизни сўраймиз» , — дейилади ИИВ хабарида.
Изоҳ (0)