Самарқандда Туркиядан ноқонуний равишда тилла буюмлар олиб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Самарқанд халқаро аэропортига Истанбулдан учиб келган Ўзбекистон фуқароси «яшил» йўлак орқали сумкасида умумий оғирлиги 59,32 грамм бўлган 2 дона занжир, 1 жуфт зирак ва узук ҳамда 2 дона билагузукни яширинча олиб ўтмоқчи бўлган. Дастлабки суриштирувда фуқаро ўзига тегишли бўлмаган тилла буюмларни 25 АҚШ доллар эвазига олиб келгани маълум бўлган.
Шунингдек, худди шу рейс билан учиб келган яна бир Ўзбекистон фуқароси М.Д. «яшил» йўлак орқали сумкасида шубҳали буюмлар олиб ўтмоқчи бўлгани сабабли, божхона ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Унинг қўл сумкасидан оғирлиги 64,75 грамм бўлган 3 жуфт узук ва зирак, 3 дона билагузук, 1 дона занжир топилган. М.Д. тушунтириш хатида ёзишича, заргарлик буюмлари унга Истанбул аэропортидан «почта» тариқасида бериб юборилган. Яъни, Самарқандда «почта» эгаси заргарлик буюмларини М.Д.нинг уйидан олиб кетиши керак бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божсиз олиб кириши мумкин.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхона ходимлари томонидан 2 килограммга яқин тилла ва кумуш буюмларнинг ноқонуний олиб кирилиши тўхтатиб қолинган.
Изоҳ (0)