Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 1 август, чоршанба куни «Музликлардан Орол денгизигача» экспедициясига старт берилди. Экспедиция 21 августга қадар давом этади. Бу ҳақда Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази (The Regional Environmental Centre for Central Asia) матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Экспедицияда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Германия, Польша ва Япониядан 20 дан ортиқ иштирокчи қатнашади. Улар 4 мамлакат —Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради.
Экспедицияда олимлар, муҳандислар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, экологлар ва тарихчилар иштирок этади. 3 ҳафталик саёҳат мобайнида ёш олимлар 4 йўналиш бўйича ўзларининг тадқиқотларини олиб бориш имконига эга бўлади:
- Сув ресурслари бўйича халқаро ҳамкорлик;
- Иқлим ўзгариши оқибатлари;
- Сув энергетикаси масалалари;
- Сув ресурслари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий омиллар.
Экспедиция ЮNESКОнинг Қозоғистон-Германия университети қошидаги Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш кафедраси, Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази (The Regional Environmental Centre for Central Asia)нинг Smart Waters («Сув, таълим ва ҳамкорлик») лойиҳаси, Швейцариянинг тараққиёт агентлиги томонидан ташкил қилинган.
Изоҳ (0)