Президент кўрсатмасига мувофиқ Бош прокурор ва Ички ишлар вазири томонидан имзоланган қўшма фармойишга асосан Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида текширув гуруҳи ташкил қилинган. Айни пайтда текширув гуруҳи вилоятларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Текширув гуруҳининг асосий мақсади ички ишлар органлари фаолиятига баҳо бериш, жиноятчиликка қарши курашиш ва йўл қўйилаётган камчиликларнинг туб сабабларини ўрганишдан иборатдир.
Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарёнинг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор туманлари ИИБларида бўлди. Бўлимларнинг ҳар бирида Пўлат Бобожонов раҳбарлигида тезкор йиғилишлар ўтказилди.
Вазир Жарқўрғон туманидаги ИИВ Сурхондарё академик лицейида бўлиб, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Сўнг ишчи гуруҳ Жарқўрғон ИИБ қўриқлаш бўлими ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси фаолияти билан танишди.
2 август куни вилоят ИИБда Пўлат Бобожонов бошчилигида текширув якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят бўйича умумий жиноятлар 567 тага ёки 36,1 фоизга, жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар 388 тага ёки 35,1 фоизга камайгани қайд этилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида жами 614 та Жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилгани ва аҳоли гавжум бўладиган 3688 та объектга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани таъкидланди.
Термиз ва Шеробод туманларида июнь ойида жиноят-қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар сони кескин ошгани айтилди. Хусусан, Термиз туманида 2018 йилнинг олти ойида содир этилган жиноятларнинг 18 таси ёки 44 фоизи июнь ойида қайд этилгани маълум қилинди.
Вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, Термиз шаҳар ва Шеробод туман ИИБ бошлиқлари ҳамда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Бойсун туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Узун ва Термиз туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.
Изоҳ (0)