1 августдан бошлаб Ўзбекистонда кучга кирадиган тартибга кўра, давлат органи томонидан қабул қилинган қарорнинг кейинчалик ҳақиқий эмас деб топилиши ёки бекор қилинишидан зарар кўрган инвесторга давлат томонидан товон пули тўлаб берилади. Бу ҳақда Президентнинг 1 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган, деб ёзмоқда «Газета.uz».
«Инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади, агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган бўлса.
Давлат органи (мансабдор шахс) нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно», — дейилади ҳужжатда.
— Бу давлат ваколатли давлат органлари қабул қилаётган маъмурий ҳужжатлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини англатади, — дейди Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Жавоҳир Колизода. — Масалан, туман ҳокими инвесторга ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди, инвестор эса унга ишониб қурилишни бошлади. Бироқ бир қанча вақтдан кейин маълум бўлдики, ҳокимнинг мазкур қарори ғайриқонуний ҳисобланади ва юқорида турувчи ҳоким уни бекор қилди. Бу ҳолатда инвестор фақат зарарда қолади.
Эндиликда бу каби ҳолатларда инвестор ёки тадбиркорлик субъектига етказилган зарар қоплаб берилади.
Қонунда келтирилишича, «жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади».
Изоҳ (0)