Навоий вилояти Учқудуқ тумани ҳокимлиги «Daryo.uz» сайтида эълон қилинган «Навоийдаги бозор атрофи чиқиндилар билан тўлганича қолмоқда (фото)» сарлавҳали мақола юзасидан таҳририятга ўз жавобини йўллади.
Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, Учқудуқда ҳудуд ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда суғориладиган деҳқончилик фаолияти билан шуғулланишнинг имкони йўқ. Шунинг учун барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўшни ҳудудлардан тадбиркорлар томонидан олиб келинади. Шунингдек, туманинг иқлими бошқа ҳудудлардан кескин фарқ қилиб, доимий шамол эсиб туради. Айтилишича, шамол енгил чиқиндиларни (целлофан, пакет, қоғоз ва бошқалар) учириб келади ва оқибатда бозор бурчакларида чиқинди уюмлари йиғилиб қолади.
Шунингдек, туман ҳокимлигининг маълум қилишича, «Учқудуқ деҳқон бозори» МЧЖда 21 июль куни «Тозалик куни» ўтказилган.
Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бозор маъмурияти танқид қилинган ва раҳбариятга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, «Тоза ҳудуд» ДУК Учқудуқ филиали ва туман ДСЭНМ (Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази) бозор ҳудудида назорат ўрнатмагани учун жазо чоралари кўриладиган бўлган.
Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги «2017—2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида «Учқудуқ деҳқон бозори» МЧЖ 2019 йили тўлиқ реконструкция қилинади.
Учқудуқ туман ҳокимияти маълумотларга сурат илова қилмаган.
Изоҳ (0)