Президентнинг 2018 йил 27 июлдаги фармони билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва бизнесга етказилган зарарларни қоплашнинг янги механизми маъқулланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда, деб ёзади «Газета.uz».
Ҳозир Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарорига илова) кўра компенсация бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда — ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига;
- бошқа ҳолларда — чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 2 ой муддатда Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил қилинади. У маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва бошқа манбалар ҳисобига тўлдирилади (олиб қўйилаётган ер участкаларини олувчиларнинг маблағлари ҳам унга киритилса керак).
Жамғарма билан келишувга эришмай ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.
Изоҳ (0)