Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи марта «Менинг фикрим» веб-портали орқали келиб тушган жамоавий мурожаатни кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг матбуот хизматига таяниб «Халқ сўзи» нашри хабар қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Порталда жорий йилнинг июнь ойида фуқаро, «Газета.uz»нинг фаол муаллифларидан бўлган Никита Макаренко томонидан «Қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаати жойлаштирилган бўлиб, у Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланган низом талаблари асосида 10 минг овоз тўплагандан сўнг, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритилди.
Мазкур мурожаатда қишлоқ ва шаҳарларда дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, кесишга рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, агротехник тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ таклифлар билдирилган.
Маълумотларга қараганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослашган инспекцияси томонидан биргина Тошкент шаҳри бўйича 2018 йил олти ойи давомида 95 нафар шахсга нисбатан дарахтларни ноқонуний кесганлик учун 17 миллион сўмдан ортиқ жарималар солинган, 62 та ҳолат юзасидан 10 миллион сўмдан зиёд жарималар ундирилган, 86 ҳолат бўйича 930 миллион сўмдан кўпроқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар аниқланган.
Мазкур жамоавий мурожаат белгиланган тартибда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик, идоралар вакиллари ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди.
«Менинг фикрим» веб-порталида кўтарилган ушбу масала илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси кун тартибига ҳам киритилиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб, унда кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)