Журналист Инна Аккерманцеванинг «Дарё» суриштируви: Тошкентда пайдо бўлган «Фин ярмаркаси»да Россия товарлари ўрнига Хитой маҳсулотлари сотилди» сарлавҳали мақоласи сайтимизда эълон қилинган эди.
Қуйида мақоланинг мантиқий давоми бўлган ва воқеаларнинг кейинги ривожига бағишланган иккинчи қисми эътиборингизга ҳавола қилинади.
«Фин ярмаркалари» мавзуси кўтарилганига бир ойдан ошди. Мақолада кўтарилган масалалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортиши, бирор айтарли натижа бериши керак эди. Бироқ, фирибгарлар қўлга олингандан бир-икки ҳафта ўтиб яна озодликка қўйиб юборилди. Натижада ҳаммаси яна бошидан бошланди…
25 июль куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг аҳоли гавжум ерлари яна эълонларга тўлиб кетди. Бу сафар «тоза чарм маҳсулотлари» савдоси 27 июль куни туманнинг 26-даҳасида жойлашган Roots супермаркетида бўлиб ўтиши эълон қилинган.
«Финн ярмарка»ларига бағишланган мақола эълон қилинганидан кейин Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг консуллик бўлими Санкт-Петербургнинг божхона органлари билан боғланди ва улардан келган расмий жавоб хатини «Дарё» таҳририятига тақдим қилди.
«Россия мутасадди органларининг берган маълумотларига қараганда, ҳуқуқий-норматив меъёрлар мусодара қилинган мол-мулкни Россия Федерациясидан ташқарида сотишни назарда тутмайди.
Россия Федерацияси мулкига айлантирилган мол-мулкни сотиш фақатгина интернет тармоғидаги давлат шартнома тузган махсус савдо майдончалари операторлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, Федерация мулкига айлантирилган товарлар савдоси ҳақида расмий сайтда маълумот берилади.
Шунингдек, ўқувчиларга шуни эслатиб ўтмоқчимизки, Россия давлат органларининг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисидаги энг холис ахборот уларнинг расмий сайтлари ёки Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида эълон қилинади».
Шундай экан, кўча-кўйда хориждан келтирилган товарлар савдоси бўлаётгани ҳақидаги турли эълонларга нисбатан ҳушёр бўлиш талаб қилинади. Истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз топталган тақдирда шу заҳоти тегишли давлат органларини хабардор қилинг.
Изоҳ (0)