Таиланд шимолидаги ғордан қутқариб олинган 12 нафар ўспириндан 11 нафари (болалардан бири насроний динига эътиқод қилади) ва уларнинг мураббийи буддизмга асосан роҳибликни қабул қилмоқда, деб ёзмоқда Forum Daily.
Болалар 9 кун давомида ибодатхонада бўлади. Муддат тугагандан кейин болалар футбол жамоасининг мураббийига роҳиб, болаларга эса шогирд унвони берилади.
Буддизмда эркаклар умрида бир марта бўлса-да вақтинчалик роҳибликни қабул қилади.
Эркаклар роҳибликка 18 ёшдан бошлаб даъво қилиши мумкин. Одатда йигитлар ёзги таътил вақтида ибодатхоналарга жўнаб кетади. Шогирдликка қабул қилинганлар алкоголь ичимликлари истеъмол қилмайди, ёлғон гапирмайди, жиноят содир этмайди ва бошқа бир қанча тақиқларга амал қилиб яшайди.
18 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигитлар иккинчи марта ибодатхонага келиши ва бу сафар роҳиб унвонига эришиши мумкин.
Роҳиб бўлишдан мақсад — инсон билан ўтмишда содир бўлган ёмонликлардан фориғ бўлиш. Эркак киши умри давомида бир неча маротаба роҳиб бўлиши мумкин.
Ибодатхонага келган ўсмирларнинг сочлари қириб ташланади ва уларга махсус кийим-кечак берилади. Бу тантанали маросим бўлиб, болаларнинг ота-оналари ҳам унда иштирок этиши мумкин.
Бўлажак шогирдлар ибодатхонада камида 1 ҳафта бўлиши керак. Улар ҳар куни соат 04:00 дан бошлаб ибодат ва медитация қилади. Соат 05:00—05:30 ларда улар ибодатхона жойлашган шаҳар ёки қишлоққа чиқиб хайрия йиғиб келади.
Ибодатхонада болаларга нонушта вақтида мева берилади. Бу одатда банан ёки манго бўлиши мумкин. Тушлик вақти соат 10:40—11:00 ларга тўғри келади. Тушликда болалар қайнатилган гуруч ва сабзавотлар истеъмол қилади. Тушликдан сўнг фақат сув ичилади, ҳеч нима истеъмол қилишга рухсат берилмайди. Кун охиригача улар ибодат ва медитация қилиш билан машғул бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар футбол жамоасининг 12 нафар аъзоси Таиланд шимолидаги Чианграй провинциясида жойлашган Кхао Луанг ғорида йўқолиб қолган. 3 июль куни қутқарув хизматлари болаларни топган. Эвакуация қилинган болаларнинг ҳаммасида инфекция билан зарарланиш ҳолатлари аниқланган.
Изоҳ (0)