Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши ва унинг харидори бўлиши лозим, деди Ўзбекистон президенти 20 июль куни Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташрифи доирасида ФА ва илмий тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан мулоқотида. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мамлакат раҳбари охирги вақтларда илм-фан иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларидан узоқлашиб кетганлигини маълум қилди.
«Молиялаштирилмаганлиги учун ўнлаб илмий институтлар ёпилган. Ишда рағбатлантиришнинг йўқлиги иқтидорли, келажаги бор олимларнинг четга чиқиб кетишига сабаб бўлди. Бу билан нимага эришдик?! Илмий изланишларнинг бирорта ҳам ёрқин натижаси йўқ. Автомобиллар ишлаб чиқаришимиз билан фахрланамиз, аслида эса уларни йиғиш билан шуғулланамиз. Биринчи автомобиль заводи 20 йилдан ортиқ вақт аввал қурилган, бироқ ҳозиргача эҳтиёт қисмларини четдан харид қиламиз. Нега ёшлар илм йўлидан кетмаяпти?» — дейди президент.
«Ўрганишлар шуни кўрсатдики, олимларимизнинг бор-йўғи 43 та илмий ишлари натижаларини амалиётга татбиқ этиш имкониятлари мавжуд. Илмий янгилик бирор бир соҳага иқтисодий наф келтирмаса, ёки реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб амалга оширилмаса, уларнинг нима кераги бор? Қачонгача ўзимизда шунча салоҳият бўла туриб оддий эҳтиёт қисмларини чет элдан импорт қиламиз? 14 миллиард доллар импорт келаяпти. Мана бизнинг резервимиз. Шу пулларни сизларга берайлик», — дея олимларга юзланди Шавкат Мирзиёев.
«Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ҳадеб импорт қилавермасдан, ўз маблағларининг бир қисмини илмий изланишларга йўналтиришга панжа ортидан қараб келмоқда. Агар олимларимизга етарлича шароитларни яратиб берсак, улар импорт ўрнини босувчи технологияларни ўзимизда яратиб бера оладиларми? Мен бунга ишонаман — қила оладилар», — деди президент.
Ўзбекистон давлат раҳбарининг маълум қилишича, сўнгги беш йилда мамлакат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига олиб борилган илмий амалий изланишлар натижалари бўйича 700 дан ортиқ илмий иш натижаларига патент олинган. Бироқ уларнинг атиги 18 таси (0,5 фоизи) амалиётга жорий этилган.
Изоҳ (0)