Ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарор билан 2018—2023 йилларда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди, деб ёзади ЎзА.
Адлия вазирлиги ахборот хизматининг маълумотларига кўра, дастурда, хусусан Ўзбекистонда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва жадал ривожлантириш, бозорда барқарор талабга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва уларнинг турларини кенгайтириш назарда тутилган.
Бундан ташқари 2021—2023 йилларда республикада бруцеллёз, лептоспироз, қутуриш, сил, салманеллёз каби жами 18 турдаги ҳайвонлар зарарли касалликларига қарши ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилади.
Шу муносабат билан ҳокимликларга ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва кейинчалик товарларни ички ҳамда ташқи бозорларга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.
Изоҳ (0)