Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Имтиҳон Қуръон тиловати ва дуо билан бошланди. Институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди.
Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Фарзандларига ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди.
Абитуриентлар ижодий имтиҳонда араб тили фанидан синовдан ўтмоқда. Тошкент Ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 25 июль куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2018—2019-ўқув йили учун жами 202 абитуриентдан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 50 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 8 нафари аёл-қизлардан иборат.
Изоҳ (0)