Денов шаҳридаги Саид оталиқ мадрасаси XVI асрда Хўжа Алоуддин Атторга атаб бунёд этилган. Бу улуғ зот халқ орасида Шайх Аттори Валий номи билан шуҳрат қозонган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбандийнинг куёви бўлиб, тариқат таълимотини кенг ёйиш мақсадида Деновга кўчиб келган ва шу ерда вафот этган. Манбаларга кўра, мадраса у кишининг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган, деб ёзади «Халқ сўзи».
Ўзига хос лойиҳа асосида қурилган мадраса асрлар давомида маърифат маскани сифатида ўзбек халқига хизмат қилган. Афсуски, бу муқаддас маскан бугун мутасаддиларнинг эътиборига муҳтож.
У кундан кунга нураб, вайронага айланмоқда. Гарчи сўнгги йилларда мақбара бир неча бор наридан-бери таъмирланган бўлса-да, тўла реконструкция қилинмаган. Натижада иншоотнинг айрим қисмлари нураб, ёриқлар пайдо бўлган.
Мадрасанинг биринчи қаватидаги ҳужраларнинг барчаси тадбиркорларга ижарага берилган бўлиб, ундан омборхона сифатида фойдаланилмоқда. Ҳаттоки, айрим ҳужралар маскансиз кимсаларга қўналға вазифасини ҳам ўтаётгани ачинарли.
Мақбаранинг бугунги аҳволини қуйидаги суратлар ҳам кўрсатиб турибди.
Изоҳ (0)