16 июль куни Ўзбекистоннинг элчиси Баҳромжон Аълоев (қароргоҳи Кувайтда) Қатар амири ўринбосари шайх Абдулла бин Ҳамад ас-Сонийга ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қисқа маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбат чоғида Қатар амири ўринбосари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга амир Тамим бин Ҳамад ас-Сонийнинг самимий ҳурмат ва эҳтиромини етказиб қўйишни сўради. «Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда минтақавий интеграция, барқарорлик ва тинчликни таъминлаш, шунингдек араб-мусулмон дунёси давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаол ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз», — деди у.
Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлигини эътироф этди. Ўзбекистонда чет эл инвестициялари учун яратилган қулай шароитлар унинг иқтисодиётига Қатар инвестицияларининг жалб қилинишига замин яратиши таъкидланди.
Изоҳ (0)