16 июль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзоданинг амалий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Делегациялар таркибига вазирликлар ва идоралар, етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари киритилган.
Бош вазирлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, аввало олий даражада бўлиб ўтадиган Ўзбекистон—Тожикистон учрашувига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди.
Шунингдек, жорий йилнинг март ойидаги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ва Эмомали Раҳмон билан музокаралари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдодаги ўсишнинг ижобий динамикаси мамнуният билан қайд этилди. Савдо айланмаси 2018 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан 35 фоиздан кўпроққа ошди.
Таъкидланганидек, икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради ва географик қўшнилик ва паст транспорт харажатлари туфайли рақобат устунлигига эга.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида томонлар Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида икки давлат ишбилармон доиралари фаолияти учун қулай шароитлар яратишга келишиб олди.
Фарғонадаги музокаралар якунида учрашув баённомаси имзоланди.
Изоҳ (0)