Ўзбекистоннинг 2021 йилгача инновацион ривожлантириш стратегик лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида бир неча олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишга рухсат бериш таклиф қилинган. Бу ҳақда Spot хабар бермоқда.
Ҳужжатда келтирилишича, мамлакатда таълим тизимининг иқтисодиёт талабларига жавоб бермаслиги муаммолигича қолмоқда.
Бутунжаҳон банки маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда 35 фоиз компаниялар олий маълумотли мутахассисларни топишда муаммоларга дуч келади. Саноат корхоналарида олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёж 50 фоизга ҳам қондирилмайди.
Иш берувчиларнинг айтишича, асосий муаммо меҳнат бозорида мутахассисларнинг камлиги билан боғлиқ.
Шу ва бошқа муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, қонун лойиҳасида абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир қанча олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишга рухсат бериш таклиф қилинган.
Кўплаб хориж мамлакатларида бундай тажриба аллақачон жорий этилган. Хусусан, Россияда бир вақтнинг ўзида 5 та олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш мумкин. АҚШда ҳам худди шундай тартиб ўрнатилган.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилишни квоталар билан чекламаслик; олий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, жумладан, хусусий олий таълим муассасаларини очишга рухсат бериш; онлайн-платформалар асосидаги масофавий таълимни ривожлантириш таклиф қилинган. Шу тариқа кўп ёшларнинг олий маълумотли бўлишига эришиш кўзда тутилган.
27 июлга қадар ҳужжатнинг тўлиқ матни билан танишиш, таклиф киритиш, изоҳлаш ва фикр билдириш мумкин. Ҳужжат тахминан 1 август куни кучга киради.
Изоҳ (0)