Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фурқат, Учкўприк ва Риштон туманларида «Ҳоким ва ёшлар» лойиҳаси доирасида ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов ҳам иштирок этди.
Фурқат тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида Бешариқ, Ўзбекистон ва Фурқат туманларидан 225 нафар ёш қатнашди. Учрашувда вилоят ҳокимига мурожаат этган ёшларнинг 34 нафарига тижорат банкларининг имтиёзли кредити ажратилишига келишиб олинди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 12 нафар ёшга фойдаланилмай бўш турган бино-иншоотлар «нол» қийматда ижарага бериладиган бўлди. Беш нафар фаол ёшга ёш оилалар учун қурилаётган янги уйлардан хонадонлар ажратиш тавсия этилди. 27 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
Учкўприк тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Учкўприк ҳамда Бувайда туманларининг 300 нафарга яқин ёшлари қатнашди. Учрашувда вилоят ҳокими кўмагида олий маълумотга эга, лекин ишсиз бўлган 7 нафар ёш мутахассис ишга жойлаштирилди. 35 нафар ёшга энг кам иш ҳақининг 150 баравари миқдорида тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини ажратиш тавсия этилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиққан 20 нафар ёшга такрорий экинлар экиш ва боғ ташкил этиш учун 1 гектардан ер майдони ажратиладиган бўлди.
Риштон ва Бағдод тумани ёшлари иштирокида Риштон тумани ҳокимлигида ташкил этилган учрашув ҳам самарали, амалий мулоқотларга бой тарзда ўтди. Учрашув натижасида 47 нафар ёш «Устоз-шогирдлик» анъаналари асосида тажрибали ҳунармандларга бириктирилди. 280 нафар ёш шартнома асосида фермер хўжаликларида ишлайдиган бўлди. 120 нафар тадбиркор расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган 8 нафар ёшга 352 миллион 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.
Изоҳ (0)