Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман судида судланувчи Жаҳонгирмирзо Бултирбоевга (1991 йилда Андижон вилоятининг Андижон туманида туғилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича жараён ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов маълумоти асосида «Газета.uz» хабар бермоқда.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган, муқаддам судланмаган Ж.Бултирбоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Бўз туман суди Жаҳонгирмирзо Бултирбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, унга 2 йиллик синов муддати белгилади.
Изоҳ (0)