2018 йил январь—июнь ойларида Ўзбекистонга 1,3 минг киши хориждан кўчиб келган, дея Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистондан 6,6 минг киши хорижга кўчиб кетган.
Натижада миграция сальдоси минус 5,3 минг кишини ташкил қилган. 2017 йилда бу кўрсаткич минус 9,6 минг кишига тенг бўлган. Миграция сальдосининг юқори даражаси Тошкент (минус 2,6 минг киши) ва Қашқадарё (минус 2,1 минг киши) вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистонда (минус 1,7 минг киши) қайд этилган.
Республика ҳудудида 82 минг киши бир жойдан иккинчи жойга кўчган.
Хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони 1292 кишини ташкил қилган. Уларнинг 31,6 фоизи Қозоғистондан, 30,3 фоизи Тожикистондан, 25,2 фоизи Россиядан, 2,8 фоизи Туркманистондан ва 2,4 фоизи Қирғизистондан кўчиб келган.
Шунингдек, Ўзбекистондан хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони 6568 кишини ташкил қилган. Уларнинг 46,9 фоизи Россияга, 46,2 фоизи Қозоғистонга, 1,1 фоизи АҚШга, 0,7 фоизи Тожикистонга ва 1 фоизи Исроилга кўчиб кетган.
Изоҳ (0)