Жорий йилда Тошкент давлат аграр университетини 16 та бакалавр таълим йўналиши бўйича 1360 нафар, 20 та магистратура мутахассислиги бўйича 95 нафар битирувчи тамомлади. Бу битирувчиларнинг барчаси шартнома асосида ишга жойлаштирилган бўлаб, уларнинг қарийб 80 фоизи қишлоқ хўжалик соҳасида фаолият юритишлари таъминланди, деб ёзади ЎзА.
Бундай натижага қандай эришилгани ҳақида Тошкент давлат аграр университетида бўлиб ўтган «Битирувчи-2018» тантанали тақдирлаш маросимида маълум қилинди.
— Университетимизда Фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий макази билан ҳамкорликда битирувчилар учун «Бизнес режа тузиш» ўқув-семинар тренинг курслари ташкил этилди, — дейди Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов. — Тренинг якунлари бўйича минг нафардан кўпроқ талабага қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз мутахассисликларига қўшимча тарзда ўзлари қизиққан соҳалар бўйича сертификат топширилди. Бу сертификатлар ёрдамида битирувчи талабалар «Ўсимликлар клиникаси», «Лимон кўчатини етиштириш», «Интинсив боғдорчиликни ташкил этиш», «Асаларичилик фаолиятини йўлга қўйиш», «Балиқчилик махсулотларини ишлаб чиқариш», «Иссиқхоналарда сервис хизмат кўрсатиш», «Биогумус ишлаб чиқариш» каби элликдан зиёд соҳада тадбиркорлик қилишлари мумкин.
Тадбирда 4 йил мобайнида ўзининг аъло баҳолари ва намунали ҳулқи билан бошқа талабаларга ўрнак бўлган бир гуруҳ талабалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)